Саҳифа манзили: 

Танланган матн: 

Хабар

Янгиликлар

Зафарободда “вазирлик боғи” яратилди

error

2024-03-27

Бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остидаги умумхалқ хайрия ҳашари ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида корхона ва унинг таркибий бўлинмалари раҳбарияти, муҳандис-техник ходимлари ҳам фаол иштирок этишди.

Аҳамиятлиси, уюшқоқлик билан ўтказилган уч кунлик ҳашар давомида Конимех тумани Зафаробод қўрғони ҳудудидаги 12 гектарлик майдонда “Вазирлик боғи” яратилди.

– Ушбу боғга уч хил кўчатлар экилаётган бўлиб, улар сони – жами 12 000 та. Шундан 500 таси павлония кўчати бўлиб, қолганлари ушбу ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос тут, гужум кўчатларидир, – дейди “Навоийуран” давлат корхонаси атроф-муҳит муҳофазаси хизмати бошлиғи Аминжон Хайитмуратов. – Ушбу кўчатларни суғориш учун томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Бунинг учун 3 та ер ости сув қудуқлари бурғуланди.

Асосий эътибор ҳудуднинг иқлимига мос, сувсизликка чидамли, тез ўсадиган япроқ ва игнабаргли дарахт кўчатлари танланишига қаратилди. Кўчатларни ўтқазиш баробарида кўкаламзорлаштирилиши керак бўлган ерларни юмшатиш, ортиқча чиқиндилардан тозалаш ишлари ҳам олиб борилди. Мазкур боғда томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган. Бу эса дарахтларнинг мураккаб чўл иқлимига мослашишини таъминлаш билан бир қаторда сувни сезиларли даражада тежаш имконини беради.

“Зафаробод” кон бошқармаси корхонанинг асосий ва йирик бўлинмаларидан бири ҳисобланади. Қўрғон аҳолисининг катта қисми ушбу кон бошқармаси ва геотехнологик конларда меҳнат қилади. Ҳудудда яшил ландшафт яратилиши ушбу манзилда яшовчи ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, қолаверса, маҳалла аҳлининг саломатлигини муҳофаза этиш билан бирга қўрғончани қум бўронларидан ҳимоя этиш имконини ҳам яратади.

Боғнинг Навоий-Учқудуқ А379 магистрал йўли ёқасида – қўрғончанинг кириш қисмида жойлашгани ҳар жиҳатдан аҳамиятлидир. Қишда совуқ, ёзда иссиқ билан юзлашадиган ҳудуд аҳолиси учун “яшил белбоғ” яратилган бўлса, йўловчиларга эса ўзига хос эстетик завқ берувчи масканга айланади. Шу билан бирга, ҳудудда экологик мувозанат яхшиланишида муҳим ўрин тутади.